АсосийЖамият

Қўқонлик табиб яна судга берилди

Халқ орасида табиб сифатида танилган Иқбол Солиев халқ табобати билан шуғулланиш қоидаларини бузгани учун такроран судга тортилди.

'Қўқонлик табиб яна судга берилди'ning rasmi

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, Қўқонлик табиб Иқбол Солиевнинг фаолияти ўрганилганда, унинг Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси томонидан берилган гувоҳномаси 2024 йил декабрь ойида муддати тугагани аниқланган. Шунга қарамай, у табиблик фаолиятини давом эттириб, ижтимоий тармоқларда видеороликлар жойлаб келган.

Аввалроқ, 2025 йил 10 январь куни суд томонидан унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-5-моддаси 1-қисми билан 7,5 миллион сўм жарима жазоси тайинланган ҳамда расмий огоҳлантирилган.

Бироқ ҳуқуқбузарлик такроран содир этилгани сабабли, 27 ноябрь куни унга нисбатан мазкур модданинг 3-қисми билан яна маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга юборилган. Ушбу ҳолат 8,2 миллион сўмдан 12,3 миллион сўмгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин.

Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров бу каби “табиблар”га қизиқиш аҳолининг тиббий маданияти етарли эмаслиги билан боғлиқлигини таъкидлаб, тиббий хизматлар сифати ошса, бундай ҳолатлар ўз-ўзидан барҳам топишини қайд этган.

    Бошқа янгиликлар