АсосийЖамият

“Грязь” лақабли уюшган жиноий гуруҳ етакчиси Туркияда ушланди

Ҳозирда қўлга олинган шахс кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органларига топширилган.

'“Грязь” лақабли уюшган жиноий гуруҳ етакчиси Туркияда ушланди'ning rasmi

Жиноий уюшма ташкил этиш, босқинчилик ва товламачиликда айбланган 32 ёшли ўзбекистонлик Туркия ҳудудида қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

ИИВ, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган махсус операция натижасида хавфли жиноятчи қўлга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, жиноий доираларда “Грязь” лақаби билан танилган, 1993 йилда туғилган Ё.М. жорий йилнинг 5 декабрь куни Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Маълум қилинишича, ушланган шахс республика ҳудудида бир қатор оғир жиноятларни содир этган уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилган. 2023 йилда Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбловлар қўйилган: — 112-модданинг 2-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш); — 164-модданинг 4-қисми (уюшган гуруҳ томонидан содир этилган босқинчилик); — 165-модданинг 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик); — 173-модданинг 2-қисми (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш); — 242-модданинг 1-қисми (жиноий уюшма ташкил этиш).

Ҳозирда қўлга олинган шахс кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органларига топширилган. Унга нисбатан узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

    Бошқа янгиликлар