Юқори Чирчиқ туманида бир оиланинг уч аъзоси уйида ҳушсиз ҳолда топилиб, шифохонага етказилган. Darakchi.uz’га Бош прокурор матбуот котиби ҳолатни тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, 25 ноябрь куни Гулобод маҳалласининг 68 ёшли фуқароси У.А. ҳамда унинг 2017 ва 2013 йилда туғилган икки невараси туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига ётқизилган. Уларга номаълум этиологик моддадан заҳарланиш ташхиси қўйилган.
Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, аёл ва унинг 8 ёшли қиз невараси вафот этган. 2013 йилда туғилган боланинг ҳаёти сақлаб қолинган, ҳозирда унинг аҳволи қониқарли экани айтилмоқда.
Ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлаган. Шунингдек, Юқори Чирчиқ тумани ҳокими томонидан ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича комиссия тузилган.






