Ижтимоий тармоқларда Humans иловасига бириктирилган банк карталаридан фойдаланувчиларнинг рухсатисиз пуллар ечиб олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Марказий банк ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланганини маълум қилди.
Қайд этилишича, фуқаролар томонидан Humans иловаси орқали маблағлар ечиб олингани ҳақида мурожаатлар Марказий банкка 8 декабрь куни соат 08:30 атрофида келиб тушган. Ушбу ҳолат юзасидан Марказий банк ўз ваколатлари доирасида Octogram АЖ (Paylov – савдо белгиси) билан боғланиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва эҳтимолий заифликни бартараф этиш мақсадида P2P амалиётларини тўхтатиш бўйича кўрсатма берган. 9 декабрь ҳолатига кўра Humans мобил иловаси орқали Octogram АЖ томонидан олиб борилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
Uzcard ва Humo карталари орқали амалга ошириладиган тўлов ва ўтказмалар одатий тартибда ишламоқда. Карталардан бошқа банк ва тўлов ташкилотлари иловаларида фойдаланиш имконияти ҳам сақланиб қолган.
“Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тезкор текширув ишлари бошланган бўлиб, барча шубҳали транзаксиялар, техник жараёнлар ва платформалар ўртасидаги амалий ҳамкорлик тўлиқ ўрганилмоқда.Текширув натижалари бўйича қўшимча расмий ахборот тақдим этилади”, дейилади Марказий банк хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ёз ойида Octobank Humans’ни судга бериб, ундан 500 миллиард сўм молиявий зарарни ундириш бўйича судда ютиб чиққанди. “Ўзбектелеком” ҳам Humans катта миқдорда қарздорликни тўламасдан келганини маълум қилган эди. Шу муносабат билан мавжуд қарздорликни ундириш ва келгусида компанияга зарарни камайтириш мақсадида тегишли судга даъво аризаси киритилганди.






