31 ёшли эркак нафас олишдаги муаммолар сабаб бурун операциясига рози бўлган. Керакли тиббий текширувлардан ўтиб, шифокорлар унга жарроҳлик амалиётига рухсат берган. Бироқ 12 ноябрь куни соат 11:30 да операцияга кирган бемор кўп ўтмай вафот этган, яқинларига эса бу ҳақида уч соат ўтиб хабар берилган. Бу ҳақда “Миллар” дастури хабар берди.
Марҳумнинг отаси операциядан сўнг ўғлининг ҳолатини кўриб шокка тушганини айтмоқда: “Операцион кийим йўқ, қора футболка ва эски шимда ётибди. Ёрдамчи аппаратлар кўринмади, юзлари ҳам артилмаган. Икки нафар гўдак етим қолди,” — дейди у.
Дастлабки маълумотларга кўра, бемор анафилактик шокдан вафот этган бўлиши мумкин. Яқинлари эса унга наркоз меъёрдан ортиқ берилгани эҳтимолини илгари сурмоқда.
Расмий манбаларда клиника номи айтилмаган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда бу операция “Иботов” клиникасида амалга оширилгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Марҳумнинг оиласи клиника воқеадан кейин ҳам бирор изоҳ бермаганидан норози.
Ҳозирда Олмазор тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда бундай ҳолатлар кўпайгани ҳам эътибор қаратмоқда: – 2025 йил апрель — Фарғонада 33 ёшли эркак; – 2025-йил июнь — Самарқандда 16 ёшли қиз; – 2025-йил август — Тошкентда 9 ёшли бола; – 2023 йил март — блогер Фарҳод Маннопов бурун операциясидан сўнг вафот этган эди.






