Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, 1962 йилда туғилган А.Д. 2006 йилдан бери жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материалларга оид жиноят бўйича қидирувда бўлган. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида у Туркиянинг Истанбул шаҳрида яширингани аниқланиб, қўлга олинди ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Ушбу шахс Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 2-қисмида назарда тутилган — жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш ҳаракатларини содир этганликда айбланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қоҳира Интерпол миллий марказий бюроси ҳамкорлигида Мисрда қидирувда бўлган ўзбекистонлик ҳам ушланган. Шу билан бирга, Вьетнамдан иқтисодий ва мулкий жиноятларга оид айбловлар билан қидирувда бўлган фуқаро ҳам Интерпол каналлари орқали Ўзбекистонга олиб келинган.






