Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида аҳоли кечаси тарқаладиган ноодатий тутундан азият чекиб келаётгани, яъни маҳаллада тадбиркор автомашина баллонларини ёқиб, чўчқалар учун емиш тайёрлаб келгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Хабарларга кўра, тадбиркор 2 йил давомида бу ерда чўчқа боқиб келган. Ҳайвонларга озуқа тайёрлаш мақсадида кечаси машина баллонларини ёққан. Бизнес омбудсманга хат билан мурожаат ва ташкилот жавоб хатига асосан, тадбиркорга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилади.
Туман ҳокимлиги Матбуот хизматининг дастлабки маълумотларига кўра, корхона ушбу турдаги фаолият билан шуғулланиш учун экология органи ва санитария-эпидемиология марказидан рухсат олмаган.
Келиб тушган мурожаатга асосан туман ҳокими тегишли масъуллар ҳамроҳлигида ушбу ҳудудда ўрганиш олиб борган.
Ўрганиш давомида мазкур ҳудудда чорва учун емиш тайёрлаш мақсадида автомашина баллонларини ноқонуний ёқиб, ҳавога зарарли моддалар тарқатган ҳолат аниқланган.
“Мазкур қонунбузарлик юзасидан масъул хизматлар томонидан тезкор тарзда чора кўриляпти. Воқеа жойида тўхтатув чоралари кўрилди ва тегишли шахсларга нисбатан белгиланган тартибда ҳуқуқий чоралар қўлланиши белгиланди”, - дейилади хабарда.






