Россиялик физик Артём Хорошилов Украина фондларига ёрдам бергани учун «давлатга хиёнат» айби билан 21 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукмга кўра, 34 ёшли Хорошиловнинг биринчи 5 йили қамоқда, қолган қисми эса қаттиқ режимли колонияда ўтади. Шунингдек, унга 700 минг рубль жарима ва 2 йиллик озодликни чеклаш жазоси берилди.
У 4 модда бўйича айбланган: «давлатга хиёнат», «критик ахборот инфратузилмасига ноқонуний таъсир», диверсия тайёрлаш ва «портловчи моддаларни ноқонуний тайёрлаш».
Хиёнат айби Украина фондларига донат қилгани билан боғлиқ. ФСБга кўра, у Украинада рўйхатдан ўтган фондларга доимий равишда пул ва криптовалюта ўтказган, жумладан «Вернись живым» жамғармасига 700 минг рубль маблағ юборган.
DDoS-ҳужум айби — 2022 йил августда «Россия почтаси» серверларига қилинган ҳужум билан боғлиқ. Тергов даъво қилишига кўра, ҳужумда иштирок этган IP-манзиллардан бири унинг компьютеридан чиққан. Аммо DDoSга учраган серверлар критик инфратузилмага кирмаслиги айтилган.
Диверсия тайёрлаш ва портловчи модда тайёрлаш айби — унинг уйидан турли хил селитра, камино ёқиш воситаси, фольга ва темир йўл йўлакчаси фотоси топилгани билан изоҳланган. Хорошилов эса селитрани кўчат учун олганини, бу материаллар бомба тайёрлаш учун етарли эмаслигини айтди. Темир йўл эса унинг уйи яқинида бўлиб, маҳаллий аҳоли юриш учун ҳам фойдаланади. У бу йўлдан ҳарбий қисм фойдаланишини билмаганини билдирди.






