У йиллар давомида ижтимоий, хайрия ва экологик йўналишдаги лойиҳаларга бошчилик қилиб, мамлакатда инклюзив муҳит яратишга ҳисса қўшиб келмоқда.
Зироат Мирзиёева 1964 йил 4 декабрь куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. Ёшлигида Тошкент ирригация ва мелиорация институтида таҳсил олган, айнан шу ерда бўлажак турмуш ўртоғи — ҳозирги президент Шавкат Мирзиёев билан танишган.
Оилада уч фарзанд вояга етган: тўнғич қизи Саида 1984 йилда, иккинчи қизи Шаҳноза 1986 йилда туғилган. Кенжа фарзанди — Миралишер — 2009 йилда дунёга келган. Зироат Мирзиёева бугунги кунда 6 набиранинг бувисидир.
Биринcи хоним 2020 йилдан буён “Замин” халқаро жамоат фонди васийлик кенгаши раиси сифатида фаолият юритиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмаклашиш, аёлларни қўллаб-қувватлаш, экология ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ташаббусларни амалга ошириб келмоқда. Фонд дастлабки йилларда 5 мингдан ортиқ аёлга ёрдам кўрсатган.
Зироат Мирзиёева халқаро майдондаги ташрифларда ҳам фаол. Унинг илк хорижий сафари Хитойга тўғри келган. Кейинги йилларда Туркия, Қатар, Озарбайжон каби давлатларда ташкил этилган йирик форум ва саммитларда иштирок этган. Ўтган ой эса Президент Мирзиёев билан биргаликда Бакуда бўлиб ўтган COP29 саммитида қатнашди.
У 2023 йилда Тошкентда ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити доирасида хорижий биринчи хонимларни “Болалар ва ёшлар ҳаракатда — Марказий Осиёда иқлим ўзгариши” халқаро форумига мезбонлик ҳам қилган.
Мирзиёева оилавий ҳаётдаги соддагина лавҳалари билан ҳам жамоатчиликка таниш. Баъзан фарзандлари ижтимоий тармоқларда оилавий суратларни улашади. 2022 йилда қизи Шаҳноза онасининг норин тайёрлаётганини акс эттирган фотосуратни эълон қилган, бу эса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлган эди.






