3 декабрь куни Россия Ҳукуматининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлди. Учрашувда Нижний Новгород ва Омск вилоятлари, Бошқирдистон ва Красноярск ўлкаси раҳбарлари ҳам қатнашди.
Меҳмонлар Россия президенти Владимир Путиннинг саломи ва тилакларини етказди. Томонлар юқори даражадаги музокараларда келишилган “йўл харитаси” ижроси, ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши ҳамда саноат, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳалар боришини муҳокама қилди.
Ҳудудлар ва бизнес даражасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, саноат зоналаридаги кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш муҳим экани қайд этилди. Бугун Тошкентда ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши натижалари ҳам ижобий баҳоланди.
Шунингдек, Россиянинг етакчи компаниялари ИТ, энергетика, машинасозлик, кимё, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати бўйича амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларни тақдим этди.






