Бугун, 2 декабрь куни Жиззах вилоятида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими вазифасини бажариб келаётган Улуғбек Мавлонович Мустафоевнинг номзоди кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Овоз бериш натижаларига кўра, Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими лавозимига расман тасдиқланди. Давлат раҳбари янги ҳоким олдига 2026 йил учун бир қатор аниқ вазифаларни қўйди: 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш, 175 минг кишини иш билан таъминлаш ва 15 минг оилани камбағалликдан чиқариш.
Маълумот учун, Улуғбек Мустафоев 1968 йил 14 август куни Жиззах вилоятида туғилган. У Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган, банк соҳаси ва Марказий банк тизимида турли лавозимларда ишлаган.
2016 йилдан бошлаб Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, сўнг “Ўзбекенерго” АЖ раҳбари, шунингдек “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси лавозимларида фаолият юритган.






