Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилнинг январь–октябрь ойларида республикада 12 848 та гиёҳвандлик жинояти аниқланган. Шу даврда 2 тонна 761 килограмм гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи препаратларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилди.
Сентябрь–ноябрь ойларида эса 3614 та бундай жиноят қайд этилган. Уларга алоқадор 2346 киши қўлга олинган бўлиб, улар орасида 194 нафар аёл ва 984 нафар ёшлар бор. Уч ой ичида 447 кг гиёҳвандлик моддалари, 17 кг синтетик моддалар ва 84 литр прекурсорлар мусодара қилинган.
Шунингдек, интернет орқали гиёҳванд моддалар савдосига оид 465 та ҳолат ҳамда 2,2 мингта наркографити фактлари аниқланган.
Қўмита сўнгги йилларда мамлакатда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар кескин ошиб бораётганини қайд этган. Агар 2021 йилда 7142 та жиноят аниқланган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 12 278 тага етган, 2025 йилда эса бу рақам бундан ҳам юқори бўлиши кутилмоқда.
Яширин нарколабораториялар сони ҳам ошмоқда: 2021 йилда 4 та лаборатория фош этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 12 тага чиққан. Синтетик гиёҳванд моддалар мусодара қилиниши ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда — жорий йилнинг ўзида 90 кг синтетик модда олиб қўйилган.
Бундан ташқари, 2025 йил бошидан бери 531 кг гашиш мусодара қилингани, бу сўнгги беш йилдаги энг юқори кўрсаткич экани таъкидланмоқда.






