Бош консуллик маълумотича, сўнгги кунларда бир нечта ўзбекистонлик Қозоғистон давлат чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтишга уринган.
Улар Қозоғистоннинг ваколатли органлари томонидан ушланган ва Жиноят кодексининг 392 ҳамда 394-моддалари асосида жавобгарликка тортиляпти.
Қайд этилишича, жорий йил сентябридан Қозоғистонда чегара бузилиши учун жазо янада кучайтирилган бўлиб, узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш чоралари белгиланган.
Бош консуллик фуқаролардан ноқонуний схемаларга аралашмасликни, фақат рухсат этилган назорат-ўтказиш пунктларидан фойдаланишни ва умумий тартибларга амал қилишни кескин сўрамоқда.
Бундан аввал Ақтўбе вилоятида 54 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ЙТҲга учрагани маълум қилинганди.
Барча йўловчилар Қорабутоқ қишлоғидаги масжидга вақтинча жойлаштирилиб, уларга озиқ-овқат ва зарур ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Фуқароларни Ўзбекистонга бошқа автобус орқали тезкор қайтариш чоралари ҳам кўрилмоқда.






