Навоийдаги қаттиқ тартибли 11-сон ЖИЭКда жазо муддатини ўтаётган Шуҳрат Сотволдиев 23 ноябрь куни соғлиғи кескин ёмонлашгани учун РШТЁИМнинг Навоий вилоят филиалига олиб келинган. Унга “икки томонлама оғир кечувчи бронхопневмония” ташхиси қўйилгани айтилди.
Соғлиғининг оғирлиги сабаб 26 ноябрь куни суд маҳкумни жазодан озод этиш тўғрисида қарор ҳам чиқарган. Бироқ 27 ноябрь куни у шифохонада вафот этди.
Марҳумнинг қариндошлари Сотволдиев калтакланганини, ввқтинча кўрилгани ва шифокорлар жароҳат изларини яширганини даъво қилмоқда. Унинг қизи отасининг бўйни шишгани, қовурғаларда шикаст бўлгани ҳақида айтиб, таҳлил натижаларини кўришга урунгани, аммо рад этилганини маълум қилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ва Навоий махсус прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув бошлаганини тасдиқлаган. Прокуратура текширув ҳар томонлама ва холис ўтказилишига ваъда берган.
Маълумот учун, Шуҳрат Сотволдиев фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, 2025 йил апрелда 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У аввал ҳам 9 млрд сўм маблағини ололмаётгани учун очлик эълон қилишга урингани билан омма эътиборига тушган.






