Тошкент шаҳри марказида жойлашган Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси биноси аукционга қўйилди. Аукционга қўйилган объектнинг бошланғич баҳоси - 58,61 млрд сўм.
1956 йилда қурилган тўрт қаватли бино Шайхонтоҳур тумани Лабзак кўчасида жойлашган. Иншоотлар майдони 4075 кв.м., ер участкаси 1050 кв.м.ни ташкил этади.
Сотув шартларига кўра, янги мулкдор бу ерда офис ва хизмат кўрсатиш объектларини шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқ жойлаштириши керак.
Қўмита шартнома имзолангандан сўнг уч йил ичида бинони бўшатиши шарт. Янги Тошкентдаги янги бино эртароқ битадиган бўлса, қўмитанинг кўчиш муддати қисқаради.
Аукцион 18 декабрга белгиланган бўлиб, классик аукцион шаклида ўтказилади. Савдолар давлат хусусийлаштириш дастури доирасида ўтказилмоқда, унга кўра яқин вақт ичида бир қатор вазирлик ва идораларнинг бинолари сотувга қўйилади.
Аввалроқ барча давлат идоралари Янги Тошкентга кўчиб ўтиши, ҳозирги маъмурий бинолар ўрнида меҳмонхоналар, дўконлар ва хизмат кўрсатиш объектлари пайдо бўлиши ҳақида хабар берилган эди.






