Адлия вазирлиги 21 ноябрь куни инсон аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш учун реципиентлар ва донорларга тиббий хулоса бериш тартибини назарда тутувчи низомни рўйхатдан ўтказди.
Ҳужжатда трансплантация учун зарур тиббий текширувлар, розилик тартиби ва операцияга рухсат бериш механизми белгиланди.
Низомга кўра, реципиент ва тирик донор нотариал тасдиқланган розиликдан кейин 3 ой ичида тўлиқ тиббий текширувдан ўтади.
Трансплантацияга рухсат бериш 2024 йил 333-сон қарорда кўрсатилган рўйхатдаги 13 та давлат тиббиёт муассасасининг тиббий консилиуми томонидан амалга оширилади.
Тиббий консилиум реципиентга операция зарурлиги, донорга эса трансплантацияга лаёқатлилиги ҳақида хулоса чиқаради. Агар амалиёт соғлиққа жиддий зарар етказиш эҳтимолига эга бўлса — хулоса бериш рад этилади.
Шунингдек, трансплантацияга тайёрлаш, операциядан кейинги реабилитация ва кузатув тартиблари ҳам тасдиқланди. Тиббий хулосани олганидан кейин реципиент ва донор 10 кун ичида нотариусга мурожаат қилади.
Операция арафасида шифокор улардан асоратлар ҳақида хабардорлик ва мажбурланмаганлик тўғрисида яна бир бор ёзма ва видеофиксация қилинган розилик олади.
Трансплантациядан кейин реципиент ва донор тиббиёт муассасасида соғлиғидан келиб чиқиб 21 кунгача реабилитацияда бўлади.






