ДХХ, ИИББ ва Божхона ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистондан гиёҳванд моддаларни контрабанда йўли билан олиб кириб, пойтахтда сотиш билан шуғулланган оила аъзолари ушланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Ички ишлар бош бошқармаси ва Божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган махсус тадбирда Тожикистондан гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний олиб кириб, сотишга уринган оила аъзолари қўлга олинди.
Тезкор маълумот асосида Тошкент вилоятининг “Оҳангарон – Пискент” йўналишида ҳаракатланган “EQUINOX” русумли автомашина тўхтатилиб, унда бўлган 1976 йилда туғилган аёл ва унинг 1999 йилда туғилган ўғли яширинча қолдирилган наркотик моддани олиб кетиш учун йўлга чиққанлиги аниқланди. Уларнинг телефонларида тожикистонлик шериклари томонидан “Телеграм” орқали геолокация ва фотосуратлар юборилгани маълум бўлди.
Тезкор тадбир давомида Пискент туманида йўл четида яширилган 4 кг 985 гр “гашиш” ашёвий далил сифатида олинди. Қўшимча равишда уларнинг Олмазор туманидаги уйидан 1 кг 124 гр “опий” ва 1 кг 976 гр “гашиш” топилди.
Шу билан бирга, аёлнинг муқаддам судланган 1996 йилда туғилган яна бир ўғли ҳам процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда уларга нисбатан ЖКнинг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






