Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда ушбу шаҳардаги Миграция агентлиги ваколатхонаси томонидан она ва унинг қизи Ватанга қайтарилди.
Туркияда меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида келган ҳамюртимиз оғир касалликка чалингани сабабли мураккаб вазиятга тушиб қолган. Шундан сўнг у Бош консулхонага мурожаат қилган. Аниқланишича, унинг 12 ёшли қизи ҳам онаси билан бирга бўлган.
Бош консуллик уларнинг аҳволини тезда ўрганиб, керакли ёрдам кўрсатди. Оилани Ўзбекистонга қайтариш учун барча ҳужжатлар тайёрлади ва Миграция агентлиги ваколатхонаси кўмагида авиачипталар сотиб олинди. Бироқ онанинг оёғи сингани сабабли уларнинг ватанга қайтиши маълум муддатга кечиктирилди.
Шифокорлар назоратида онанинг аҳволи барқарорлашгач, унинг оёғига муваффақиятли жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, протез қўйилди. Фуқаронинг молиявий аҳволи оғир бўлгани, сўнгги уч ой давомида меҳнат фаолияти билан шуғуллана олмагани инобатга олиниб, оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, унинг қизида махсус ёрдамга муҳтож эканлиги маълум бўлди.
Бош консулхонанинг ташаббуси билан "Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик жамияти", "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг Туркиядаги вакиллиги ҳамда турли диаспора ташкилотлари кўмагида она ва қизига зарур кўмак кўрсатилиб, улар Ватанга қайтарилди.
Айни пайтда уларнинг Ўзбекистондаги даволаниш ва реабилитация жараёнлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимият идоралари билан ҳамкорликда давом этмоқда.






