АсосийСиёсат

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида товар айирбошлаш 4 млрд долларга етди

Мирзиёев ва Тоқаев ўртасида тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтди.

'Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида товар айирбошлаш 4 млрд долларга етди'ning rasmi

15 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ўртасида тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтди.

Ушбу давлат ташрифи Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тарихида янги босқични бошлаб бериши таъкидланди.

Ташрифга тайёргарлик доирасида Тошкентда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форуми, Қозоғистон тиббиёти кунлари, қозоқ филмлари намойиши, Остона кунлари ва бир қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди.

Йилнинг ўтган даври мобайнида товар айирбошлаш 4 миллиард долларга етди. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва импорт ўрнини босиш орқали бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Юк ташиш ҳажми ўсиб бормоқда, шаҳарлар ўртасида ҳафтасига 40 дан ортиқ авиақатновлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда 6,5 мингта қўшма корхона ташкил этилди ва устувор тармоқларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Саноат кооперациясини ривожлантириш учун 8 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги лойиҳалар портфели тайёрланди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш таклиф қилинди.

Музокаралар давомида энергетика, транспорт, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим соҳаларда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларининг биринчи Кенгашини 2026-йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро масалалар бўйича ҳам фикр алмашдилар.

    Бошқа янгиликлар