АсосийСиёсат

Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасига борди

Ўзбекистон раҳбари UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимидаги иштирокидан олдин ушбу мажмуага ташриф буюрди.

'Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасига борди'ning rasmi

Бугун, Президент Шавкат Мирзиёев UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Самарқандга борди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, президент дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиб, мажмуадаги сўнгги пардозлаш ишлари, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш жараёнлари билан танишган.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан мазкур мажмуа буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқейи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди.

Мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, айни пайтда унинг умумий майдони 44 гектарга етди. Мўътабар мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қуриб битказилган. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган. Давлат раҳбари янги масжиддаги бунёдкорликни кўздан кечирди.

Президент ҳар гал Самарқандга келганида мажмуанинг қурилиши жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаганди.

Шу мақсадда янги мажмуада инновацион музей ҳам ташкил этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 та пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.

Зиёратгоҳ атрофида меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш биноларида ҳам қурилиш ишлари якуний босқичга кирган. Битта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли ва 22 та оилавий уй меҳмонхоналари ташкил этилди.

Давлат раҳбари мамжуа фаолиятини сифатли ташкил этиш, одамларга қулайликларни кенгайтириш, яшил майдонларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Эзгу ниятлар билан мажмуа ҳудудига дарахт кўчатлари ўтқазилди.

    Бошқа янгиликлар