“TEAMTALK” нашрининг ёзишича, “Челси” бош мураббийи Энсо Мареска Винисиус Жуниорни жамоага қўшиб олиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда.
Футболчининг “Реал Мадрид” билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзида якунланади, аммо клуб ҳали янги битим бўйича келишувга эришмаган.
Мадридликлар бразилияликни текинга йўқотмаслик учун 2025-йилги ёзги трансфер ойнасида сотиш вариантини кўриб чиқмоқда. “Челси” эгаси Тодд Бели Винисиусни қўлга киритиш нафақат спорт, балки тижорий жиҳатдан ҳам фойдали бўлишини ҳисобга олган.
Аввалроқ футболчининг нархи 200 миллион фунт стерлинг атрофида баҳоланган эди. Шунга қарамай, агар “Реал” янги шартнома таклиф қилмаса, бу сумма сезиларли даражада тушиши мумкин.
Винисиуснинг “Барселона”га қарши ўйиндаги ҳиссий реактсияси — “Ҳар доим мен! Кетаман, кетганим маъқул!” деган сўзлари — унинг “Реал”даги келажаги борасида шубҳаларни янада кучайтирди.
Бразилияликка “Челси”дан ташқари “Манчестер Сити” ва “Ливерпул” ҳам қизиқиш билдирмоқда. Саудия клубларининг таклифларига қарамай, Винисиус Европада қолишни афзал кўрмоқда.
Агар у Лондон клубига ўтса, бу Гарначо ва Жейми Гиттенс учун чап қанотда жиддий рақобат муҳитини яратади.






