Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабарига кўра, ҳолат тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, тасдиқланган. Шундан сўнг шаҳар Болалар ишлари бўйича комиссиясининг тезкор йиғилиши ўтказилган.
Йиғилишда ҳолатнинг барча жиҳатлари кўриб чиқилиб, қатор чоралар белгиланган. Жумладан, шаҳар ички ишлар бўлимига мураббийнинг ноқонуний ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўриш топширилган.
Шунингдек, фарзандларини жазолашни мураббийдан сўраган болаларнинг ота-оналари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Тиббиёт бирлашмасига болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, ИИБ ва “Инсон” марказига эса уларнинг оилавий муҳитини ўрганиш, руҳий ҳолатини баҳолаш ҳамда зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш вазифаси топширилган.
Шаҳар спорт мактабига эса ҳудуддаги барча спорт клуб ва тўгаракларини қайта рўйхатдан ўтказиш, хусусий мураббийларга услубий тавсиялар бериш ва ноқонуний фаолият юритаётган спорт тўгаракларини аниқлаш ҳамда бу ҳақда тегишли идораларга маълумот киритиш топширилган.
Комиссия йиғилишида мураббий С. Мирзавалиэв қилган ҳаракатидан пушаймонлигини билдирган ва кенг жамоатчиликдан узр сўрашини маълум қилган.