Давлат меҳнат инспекцияси томонидан олиб борилган мониторинг давомида пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган 8 нафар мансабдор аниқланиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми асосида чора кўрилди. Улар БҲМнинг 50 дан 100 бараваригача жаримага тортилди.
Жазоланганлар орасида Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Нигора Жумаева ҳам бор. Унинг пахта теримига одам жалб қилишга доир аудиоёзувлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Мавсум давомида 74 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланган. Бу қонунбузарликлар юзасидан 49-модда 1-қисми асосида мансабдор шахсларга маъмурий жарималар қўлланилди.
Бундан ташқари, 1400 нафардан ортиқ теримчилар билан мавсумий меҳнат шартномалари тузилишига амалий ёрдам кўрсатилган.
Сентябрь охирида шунга ўхшаш ҳолатларда яна 3 нафар мансабдор жазолангани хабар қилинганди. Улар орасида Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари Дилфуза Тошматова ҳам бўлган — у 20,6 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса аввалроқ қўлда терилган 1 кг пахта учун 2000 сўм, машина ёрдамида терилган пахта учун эса 1373 сўм тавсиявий нархни эълон қилган.