Покистон Ислом Республикаси Афғонистон билан чегарадаги кескин вазият фонида ўз ҳарбий кучларини юқори жанговор тайёргарлик ҳолатига келтирди. Икки давлат ўртасидаги 2600 километр узунликдаги чегара чизиғидаги барча ўтиш пунктлари вақтинча ёпилган, трансчегаравий савдо эса тўхтатилган. Бу ҳақда “Zamon.uz” хабар берди.
Маълум қилинишича, бу қарор ўтган ҳафта охирида содир бўлган қуролли тўқнашувлардан сўнг қабул қилинган.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Энаятуллоҳ Ховаразмий эса вазиятни изоҳларкан, “Покистон томони Афғонистон ҳудудий яхлитлигини яна бузишга уринса, бизнинг қуролли кучларимиз қатъий жавоб қайтаришга тайёр”, — дея баёнот берди.
Аввалроқ, 11 октябрь куни Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида ўт алмашинуви бошланган, сўнгра Афғонистон ҳаво кучлари Покистоннинг Лоҳур шаҳрига зарба бергани ҳақида хабарлар тарқалган эди. TOLO News маълумотига кўра, тўқнашувларда камида 58 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлган.
Исломобод эса ўз навбатида 200 нафар жангари йўқ қилингани, 19 та террор объекти нишонга олингани ва Афғонистонда Покистонга ҳужум уюштирган экстремистларга ёрдам кўрсатган танк батальони штабидан зарба берилганини маълум қилди.