Ижтимоий тармоқларда Бойсун туманида аҳолига кўмир тарқатиш чоғида тартибсизлик келиб чиққани тасвирланган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, ушбу вазият жорий йилнинг 8 октябрь куни “Бошработ” маҳалласида жойлашган кўмир омборида содир бўлган. Аҳолига куз-қиш мавсуми учун тарқатиш мақсадида 278 тонна кўмир келтирилган. Давлат томонидан арзон нархларда тарқатилаётган кўмир ҳақидаги эълонлар эса тумандаги маҳалла Телеграм гуруҳларига юборилган.
Шундан сўнг, омборга тўпланган фуқаролардан айримлари белгиланган графикка риоя қилмай кўмир олишга уринган ва тартибсизлик келиб чиққан.
Ҳолат Ички ишлар органлари ва мутасадди ташкилотлар ходимлари ёрдамида бартараф этилгани ва аввалига туманнинг олис, тоғли ҳудудларида яшовчи аҳолига кўмир тарқатилишига эътибор қаратилгани таъкидланди.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун маҳсулот фуқароларга маҳаллалар кесимида графикка асосан тартибни сақлаган ҳолда берилиши кўзда тутилган.