24 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида нутқ сўзлади. Унда глобал хавф-хатарлар, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳамда минтақавий ва халқаро ҳамкорлик масалаларига тўхталди.
Президент халқаро институтлар таъсири заифлашгани, низо ва урушлар кучайганини қайд этди. У БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Мирзиёев сўзининг аввалида Ўзбекистонда камбағаллик 35 фоиздан 6,6 фоизга туширилганини, таълим қамрови эса кескин ошганини маълум қилди.
Давлат раҳбари Бутунжаҳон профессионал таълим саммити ва Сувни тежаш бўйича халқаро форумни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди. Шунингдек, Афғонистонни ёлғиз қолдирмаслик, Ғазода уруш ҳаракатларини тўхтатиш ва “икки халқ учун — икки давлат” тамойилини амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Мирзиёев ёшлар, гендер тенглиги, иқлим ўзгариши ва сунъий интеллектдан тенг фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Сўзининг якунида Президент Ўзбекистон очиқ мулоқот ва ҳамжиҳатлик тарафдори эканини билдирди.






