АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху билан учрашувда Ғазодаги ҳарбий амалиётларга Вашингтоннинг ёндашувини баён қилди.
Унга кўра, Трамп маъмурияти бу ҳужумларни қўллаб-қувватлайди, аммо улар узоққа чўзилмаслиги керак.
15 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашувда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Нетаньяхуга Трамп маъмурияти Исроилнинг қуруқликдаги ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлашини билдирган. “Ахиос” нашрининг ёзишича, АҚШ ҳужум тезкор бўлиши тарафдори.
Рубио билан бирга бўлган америкалик расмийлардан бири: “Бу Трампнинг уруши эмас, бу Нетаньяхунинг уруши. Барча оқибатлар учун у жавобгар бўлади”, — деган.
Исроил армияси сўнгги ҳафталарда Ғазодаги ҳужумларни кучайтирган. Шаҳарга танклар киритилган, аҳоли эса жанубга кўчишга чақирилган. Маълумотларга кўра, 1 миллион аҳолининг 300 мингга яқини Ғазони тарк этган.
Исроил армияси фақат 20 дақиқада 37 та зарба берган, улардан айримлари жанговар вертолётлар орқали амалга оширилган. Фаластинлик расмийлар Ғазода оғир ҳаво ҳужумлари ҳақида “Ал Жазеэра”га хабар берган.
Эслатиб ўтамиз, Рубио Исроилга Қатардаги ҲАМАС қароргоҳига берилган зарбадан сўнг сафар қилган ва бу ҳужумдан Оқ уй норози эканини билдирган эди.