Бугун, 8 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Маълум қилинишича, болалар боғчасидан олий таълимгача қамраб олган ягона миллий ғоя концепцияси ишлаб чиқилди. Ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинади.
Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, иқтидори ва интилишини юзага чиқариш бўйича ҳам ягона вертикал тизим жорий этилади. Шу мақсадда “Баркамол авлод” болалар мактаби, Республика ўқувчи-ёшлар маркази ҳамда “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида “Келажак” марказлари ташкил этилади.
Шунингдек, сўнгги саккиз йилда боғчаларда ўринлар сони 2,5 миллионтага кўпайтирилиб, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етди. Бу қамровни ошириш мақсадида ҳар йили 20 минг ўрин очиш режалаштирилган.
Бунинг учун янги кўп қаватли уйлар қурилишида улардаги аҳоли сонига мутаносиб мактабгача таълим ташкилоти ҳам бўлиши назарда тутилади. Боғчаларда ишлаётган ўрта махсус маълумотли мутахассислар учун дуал таълим ва малака ошириш тизими жорий этилади.
Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда хусусий сектор иштироки қўллаб-қувватланади. Хусусан, боғча ва мактабларнинг бўш майдонларида давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти қуришга рухсат этилади. Тадбиркорларга фаолиятни ўзгартирмаслик шарти билан ер участкалари бепул берилади ҳамда 7 йилгача бўлган имтиёзли кредит ажратилади.
2026-2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади.
Давлат раҳбари иқтисодиёт тармоқларининг ҳозирги ва келгуси талабидан келиб чиқиб, техника ва муҳандислик йўналишларини ривожлантириш вазифасини қўйган эди. Шунга мувофиқ, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Ушбу мактабларга болалар имтиҳон асосида саралаб олинади ва Давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади. Уларда “Янги Ўзбекистон” университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик таълим дастури жорий қилинади. Ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида СТЕМ модели бўйича ташкил этилади.
2026 йилдан бошлаб, ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилади.
Шунингдек, табиий фанларни ўқитишни яхшилаш мақсадида барча ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинади. Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб бу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилади.
Тошкент шаҳрида Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, “ТошТеч” техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилади.
Яна бир янгилик ўқитувчиликка меҳр қўйган ёшларни рағбатлантиришга қаратилган. Ҳозирги кунгача бу соҳада алоҳида давлат стипендияси йўқ эди.
Шу боис, жорий ўқув йилидан бошлаб, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Стипендия бакалавриатнинг 3-4-курслари учун бўлади.
Олий таълимдан кейинги таълим тизимида илмий даражали кадрларни тайёрлаш тартиблари такомиллаштирилади. Жумладан, докторантурага ажратилаётган квоталар мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб белгиланади.
Фанлар академиясининг республикада истиқболли илмий йўналишларни ривожлантириш, фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, илмий ишланма натижаларини амалиётга татбиқ этишдаги ўрни кучайтирилади.
Давлат раҳбари билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолади. Улардаги вазифалар ижросини тизимли ва сифатли таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилган.