АсосийДунё

Литва бош вазири коррупция можароси туфайли истеъфога чиқди

Науседанинг сўзларига кўра, бош вазир унга эрталаб телефон орқали мулоқотда истеъфога чиқишини айтган.

'Литва бош вазири коррупция можароси туфайли истеъфога чиқди'ning rasmi

Литва бош вазири Гинтаутас Палуцкас истеъфога чиқди. Бу ҳақда мамлакат президенти Гитанас Науседа маълум қилди. 

Науседанинг сўзларига кўра, бош вазир унга эрталаб телефон орқали мулоқотда истеъфога чиқишини айтган. Палуцкас Литва Социал-демократик партияси раиси лавозимини ҳам тарк этди. Науседанинг тушунтиришича, энди сайловларда ғалаба қозонган ва парламентда кўпчиликка эга бўлган партия коалиция тузиш бўйича музокараларни бошлайди.

Литва миллий телевидениеси ва радиоси (LRT) эслатишича, конституцияга кўра, бош вазир билан бирга бутун ҳукумат ҳам истеъфога чиқади, бироқ президент янги вазирлар маҳкамаси тузилгунга қадар вазирларга ўз вазифаларини вақтинча бажаришни топшириши мумкин.

Палуцкасга саволлар унинг қариндоши Виржиния Палуcкене томонидан асос солинган Dankora компанияси бўйича терговдан сўнг пайдо бўлганди. Dankora Друкяй қишлоғида электромобиллар учун зарядлаш инфратузилмасини ривожлантириш дастури бўйича 200 минг евро имтиёзли кредит олган ва 49 фоиз улуши Палуцкасга тегишли бўлган Garnis фирмасидан ускуналар харид қилганди. Бу Палуцкас бош вазир лавозимини эгаллаб турган пайтда содир бўлди. Dankora компанияси таъкидлашича, улар Garnis акциядорлари ҳақида хабардор бўлмаган.

24 июлда Науседа Палуцкасга ҳукумат бошлиғи лавозимидаги фаолиятини давом эттириш ҳақида ўйлаб кўриш учун икки ҳафта муҳлат берди. Шундан сўнг бош вазир президентдан ҳам, партиядаги ҳамкасбларидан ҳам истеъфога чиқишга чақириқ олмаганини айтганди. У "олдиндан режалаштирилган" икки ҳафталик таътилга чиқаётганини маълум қилганди.

    Бошқа янгиликлар