Июль ойида Қозоғистон миллий валютаси тенге, жиддий даражада арзонлашмоқда. Бир АҚШ доллари расмий биржа курсининг 545 тенгедан ошиб кетиши иқтисодий мутахассисларни ташвишга солди.
Молиявий экспертлар бу ҳолатни ҳукумат томонидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида бюджет харажатларининг кескин ошиши билан изоҳламоқда.
Айни пайтда, мамлакатдаги бизнес корхоналар модернизация учун чет элдан асбоб-ускуна ва технологияларни оммавий харид қилаётгани натижасида валютага талаб ортаётгани қайд этилмоқда.
Қозоғистон Марказий банки раиси Тимур Сулейманов таъкидлашича, тенгенинг қадрсизланишига нефть нархлари ва ташқи савдо шерикларининг валюталаридаги ўзгаришлар каби фундаментал омиллар билан бир қаторда, аҳоли, бизнес ва давлат томонидан долларга талаб кескин ошгани ҳамда айрим спекулятив ҳаракатлар ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Марказий банк ҳозирча валюта бозоридаги ҳолатни "назорат остида" деб баҳоламоқда, аммо бу динамика аҳоли орасида долларизация жараёни кучайиши мумкинлигини кўрсатмоқда.