Жорий йилнинг 14 июль куни тарихдаги энг кекса марафон югурувчиси деб ҳисобланган ҳиндистонлик спортчи Фаужа Сингх 114 ёшида машина уриб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Ҳиндистон полицияси маълумотларига кўра, дунёдаги энг кекса марафон югурувчиси бундан ўн йил олдин – 100 ёшдан ошганидан кейин ҳам мусобақаларда қатнашган.
1911 йилда Ҳиндистоннинг Панжоб вилоятидаги қишлоқлардан бирида туғилган.
У дунёдаги энг кекса марафон югурувчиси ҳисобланган, аммо у туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқлиги сабабли Гиннеснинг рекордлар китобига киритилмаган.
Ҳиндистон полициясига кўра, Сингх қишлоғи яқинидаги йўлда кетаётганида уни номаълум автомобиль уриб кетган.
У ЙТҲдан сўнг дарҳол Жаландҳар туманидаги Шриманн шифохонасига жўнатилган, у ерда боши ва қовурғаларидан олган жароҳатлари туфайли вафот этган.
15 июль куни полиция видеокузатув камералари тасвирларини ўрганиб чиққандан сўнг гумонланувчини ҳибсга олган. Сингх марафонларни фақат 89 ёшида, хотини ва ўғлининг вафотидан кейин Англияга кўчиб ўтганида бошлаган.
У ўзининг биринчи марафонини бир неча ойлик машғулотдан сўнг ўтказган ва уч йилдан сўнг – 2003 йилда Торонто сув қирғоғида бўлиб ўтган марафонда 5 соат 40 дақиқалик шахсий рекордини ўрнатган. 2011 йилда Сингх Торонтога қайтиб борган ва у ерда 8 соат 11 дақиқа ва 6 сонияда марафон маррасига етиб борган биринчи юз йиллик одамга айланган.
Унинг марафондаги сўнгги иштироки 2013 йилда Гонконгда 10 километрлик масофада бўлган. У ҳатто 2012 йилги Лондон Олимпиадаси машъаласини ҳам кўтариб чиққан.