АсосийДунё

Экрем Имамоғлу 1 йилу 8 ойга қамалди

Қамоқ жазоси Истанбул бош прокурорига қаратилган сўзлари учун берилган.

'Экрем Имамоғлу 1 йилу 8 ойга қамалди'ning rasmi

Истанбулнинг ҳибсга олинган мэри Экрем Имамоғлу "давлат хизматчисини омма олдида ҳақорат қилгани" учун сиёсий тақиқсиз жами 1 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм унинг 20 январь куни бўлиб ўтган панелда Истанбул бош прокурори Акин Гурлек ва унинг оиласига нисбатан берган баёнотлари билан алоқадор. Бу ҳақда CNN Türkхабар берди. 

Суд жараёни Истанбулдаги Оғир жиноий ишлар бўйича суд залида ўтиши керак эди, аммо залнинг етарли даражада катта бўлмагани сабабли Силиври шаҳридаги Мармара жазони ижро этиш ёпиқ муассасасида бўлиб ўтди. Нашр Имамоғлунинг айнан қайси сўзлари ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган.

Судланувчи ўз айбини тан олмади ва унга қарши суд даъволари сиёсий сабабларга кўра эканини таъкидлади. Имамоғлу иқтисодиётдан сиёсатгача кўплаб мавзуларга тўхталиб, ўзини ҳимоя қилар экан, "Туркия Республикаси тарихида бундай изоляция йўқ, овози ўчирилган, гапиртирилмаган, расмий суратидан қўрқиладиган бир Экрем Имамоғлу бор. Масала айнан шу, яхшилаб қулоқ солинг" деди. Шу пайт суд прокурори "Менга қараб гапирманг" дея эътироз билдирди. Имамоғлу эса бунга жавобан: "Сизга қараш тақиқланганми, жаноб прокурор? Жаноб судья, менинг прокурорга қарашим тақиқланганми? Агар тақиқланган бўлса, қарамайман… Уни кўришга иштиёқманд эмасман", — деб жавоб берди (Habertürk иқтибоси).

Даъвода Имамоғлуни давлат хизматчисига нисбатан ўз вазифасига кўра очиқчасига ҳақорат қилиш, таҳдид ишлатиш ва терроризмга қарши курашда иштирок этган шахсларни нишонга олиш жиноятлари учун 2 йил 8 ойдан 7 йил 4 ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилиш, шунингдек, сўралганди.

Жорий йилнинг баҳорида ҳуқуқ-тартибот идоралари Имамоғлуни коррупцияда айбланиб қўлга олган, кейинроқ ҳибсгп олинганди. Шунингдек, сиёсатчи Истанбул мэри лавозимидан четлатилган.

    Бошқа янгиликлар