АсосийДунё

Исроил Сурия армияси бош штаби қароргоҳига зарба йўллади

Аҳмад аш-Шаръа Сувайдадаги ҳужумларни “жиноят ва ноқонуний хатти-ҳаракат” деб атади ва бундай ишларга тоқат қилиб бўлмаслигини билдирди.

'Исроил Сурия армияси бош штаби қароргоҳига зарба йўллади'ning rasmi

Сурия мудофаа вазирлиги биносига камида уч-тўрт ракета билан зарба берилган. Бу ҳақда Al-Jaazera нашри хабар берди. 

"Йигирма дақиқа олдин икки марта зарба бўлганди, ундан олдинроқ эса, бир неча соат олдин, Сурия мудофаа вазирлиги кириш қисмига Исроил дрони ҳужум қилди", дейилади хабарда.

Бу ҳужум вақтидаги кадрлар халқаро телеканаллар томонидан жонли эфирда ёзиб олинди.

Шунингдек, айни дамда Исроил ҳарбий самолётлари Сурия пойтахти осмонида айланиб юрибди. Шаҳар аҳолисида ваҳима бошланган, одамлар шошиб уйларига қайтишмоқда.

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Х ижтимоий тармоғида Дамашқ марказидаги портлашдан кейин "Исроил армияси Сувайда шаҳридаги друзларга ҳужум қилган кучларни бутунлай йўқ қилиб, улар бу ҳудуддан тўлиқ чекинмагунча қатъий ҳаракатларини давом эттириши" ҳақида ёзди.

Бундан ташқари, Исроил армияси жанубий Сурияни бомбардимон қилишда давом этаётганини маълум қилди. Улар Сувайдага йўл олган танклар, ракета учиргичлар, қуроллар ва оғир пулемёт ўрнатилган пикап машиналарни нишонга олганини билдирди.

Бу бугун Исроил армиясининг жанубий Сурияга иккинчи бор ҳужум қилаётганини билдиради. Бундай ҳаракатлар Сувайда шаҳрида друзларнинг қуролли гуруҳлари ва ҳукумат кучлари ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви бузилганидан кейин яна авж олди.

Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа Сувайдага ҳужумларни қоралади, жавобгарларни жазолашга ваъда берди. Сурия президенти баёнотида Сувайда вилоятидаги ҳужумларни "жиноят ва ноқонуний хатти-ҳаракат" деб атади ва бундай ишларга тоқат қилиб бўлмаслигини билдирди. Мазкур баёнот Исроил армияси Сувайдага қарши ҳужумларни давом эттираётган бир вақтда эълон қилинди.

    Бошқа янгиликлар