Сурхондарё вилоятида 23 бош ноёб илон — 6 бош Ўрта Осиё кобраси ва 17 бош шарқ бўғма илони яна табиат бағрига қайтарилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу илонлар фуқаролар томонидан ноқонуний равишда сақлаб келингани аниқланиб, рейд давомида олиб қўйилган ва вақтинча Тошкент ҳайвонот боғига топширилган эди.
Кейинчалик Фанлар академияси Зоология институти ушбу илонларнинг табиий яшаш муҳити бўйича илмий хулоса тақдим этган.
Натижада, ноёб илонлар “Сурхон” давлат қўриқхонасининг Кампиртепа, Шержон ва Шолкон ҳудудларига эҳтиёткорлик билан қўйиб юборилди.
Аввалроқ Тошкент вилоятида ҳам ноқонуний илон сақлаш ҳолати аниқлангани маълум қилинганди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўрта Осиё кобраси Қизил китобга киритилган бўлиб, айрим ҳудудларда бутунлай йўқолиб кетган. Шарқ бўғма илонининг табиий популяцияси ҳақида эса аниқ маълумот йўқ.