АҚШ Мудофаа вазирлиги июль охиридан бошлаб айрим ҳарбий сунъий йўлдошлар орқали йиғилган метеорологик маълумотларни оммага тақдим этмайди. Пентагон буни киберхавфсизлик билан изоҳлади. Натижада, глобал илмий ҳамжамият Ер атмосфераси ва океанлар ҳақидаги муҳим ахборотдан маҳрум бўлади.
Бу қарор глобал иқлим ўзгариши, бўрон ва тўфонлар, музликлар ҳолати каби хавфли табиий ҳодисаларни олдиндан аниқлашни қийинлаштиради. 1960 йиллардан буён фаолият юритган Defence Meteorological Satellite Program (ДМСП) АҚШ армияси учун бутун дунё бўйича об-ҳаво кузатувларини олиб борар эди. Шу маълумотлар илмий марказларга ва фуқаролик секторига ҳам тақдим этиларди.
Шунингдек, АҚШ Гаваидаги Моуна-Лоа обсерваториясини ҳам ёпмоқда. Бу жой 1958 йилдан буён Ер атмосферасидаги ўзгаришларни кузатиб келаётган эди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, айниқса ривожланаётган давлатлар бу бўшлиқни тўлдира олмайди. Масалан, Арктика музликлари ҳақидаги маълумот халқаро денгиз ташувлари учун ниҳоятда муҳим.
Карлсруэ технология институти метеорологи Петер Книппертс фикрича, метеорологияда кичик тафовутлар ҳам узоқ ҳудудларга кучли таъсир қилиши мумкин. Маълумотлар йўқлиги эса об-ҳаво башоратларининг аниқлигини пасайтиради.