Покистон бўйлаб муссон ёмғирлари келтириб чиқарган сув тошқинлари оқибатида 72 киши ҳалок бўлди, 130 дан ортиқ киши тан жароҳати олди. Кучли ёмғирлар давом этмоқда. Бу ҳақда Покистон Фавқулодда вазиятларга қарши кураш миллий бошқармаси маълумотларига таяниб, “Geo News” хабар берди.
Қайд этилишича, энг кўп ёғингарчилик Хайбер-Пахтунхва, Шарқий Панжоб, Синд ва Балужистон вилоятларида кузатилмоқда. Кучли тошқинлар оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 130 дан ортиқ одам жароҳатланган.
“Муссон ёмғирлари давомида камида 161 та уйга зарар етди, 91 бош чорва ҳалок бўлди. Шу давр мобайнида фавқулодда вазиятларга жавоб берувчи хизматлар томонидан 19 та қутқарув амалиёти ўтказилиб, 233 киши қутқарилди. Шунингдек, зарар кўрган фуқароларга зарурий буюмлар тарқатилди”, дейилади хабарда.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси баёнотида ёмғирлар кучайиши мумкинлиги айтилиб, маҳаллий ҳокимиятларга доимо юқори огоҳлик ҳолатида бўлиш тавсия этилган. Маълумотларга кўра, Покистонда ҳар йили июлдан сентябргача давом этувчи муссон мавсуми юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлади ва катта моддий зарар келтиради.