Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан эътиборан қонунчиликда бир қанча ўзгаришлар амалга ошади. Булар:
Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар оширилади
2 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни 10 фоизга, яъни инфляциядан паст бўлмаган даражага оширишга доир фармонни имзолади.
Ёшга доир энг кам пенсия 918 минг сўм, ногиронлик пенсияси 1 миллион 12 минг сўмни ташкил этади.
Кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун – 360 000 сўм,
3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун – 275 000 сўм,
оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча – 165 000 сўм;
оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча –110 000 сўм;
Кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори 420 000 сўм этиб белгиланди.
Бирорта товар экспортига чеклов бўлмайди
8 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг Ўзбекистон соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида 1 июлдан бошлаб бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслиги айтилди.
Фақат 86 та товар гуруҳига кирган хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади.
Болалар учун контент яратадиганлар фойда солиғидан озод қилинади
Ўзбекистонда болалар учун мўлжалланган контентлар яратувчи юридик шахслар фойда солиғидан озод қилинади. Бу ҳақда жорий йилнинг 15 май куни қабул қилинган “Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарорида келтирилган.
Қарорга кўра, республикада болалар учун мўлжалланган миллий контентлар ишлаб чиқариш ҳамда уларни оммалаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
болаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаси, табиатни асраб-авайлаш, миллий қадриятларга ҳурмат ва она ватанга садоқат ҳиссини тарбиялашга хизмат қилувчи контентлар яратиш;
болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш;
ота-оналар ва болаларни интернет тармоғидаги ахборотларни тўғри баҳолашга ҳамда хавфли контентларни аниқлашга йўналтирувчи механизмларни ишлаб чиқиш.
Қарорга асосан, болалар учун мўлжалланган контентлар яратишдан олган даромади жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этган юридик шахслар 2025 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январга қадар:
фойда солиғи тўлашдан озод қилинади;
ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди;
юридик шахсларга болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш билан боғлиқ бўлган харажатларини фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташлаш ҳуқуқи берилади.
Болалар учун мўлжалланган контентлар яратиш йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида ҳар йили “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан жаҳондаги етакчи олий таълим ташкилотларида бакалавриат дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш учун 5 та квота ажратилади.
Эндиликда паспортнинг электрон шакли ҳам расман тан олинади
Жорий йилнинг 1 июль санасидан бошлаб шахсни тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатларнинг электрон шакли расман тан олинади. Уларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропорт, вокзал каби тегишли ҳужжатларни сўрайдиган ташкилотларда талаб этилмайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрь куни қабул қилинган “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда “ижтимоий карта” тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Унга кўра, “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси доирасида шахсий ҳужжатларнинг унификацияланган рақамли сервислари жорий этилади. Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг аниқлик киритишича, эндиликда my.gov.uz'даги шахсни тасдиқловчи, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларнинг рақамли (электрон) шакллари расман тан олинади. Бунда my.gov.uz платформаси ҳамда “Ижтимоий карта” мобил иловасида ушбу рақамли сервислардан фойдаланиш имконияти яратилади ва улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий тартибда қабул қилинади.
Қуйидаги ҳужжатлар рўйхатга киритилган:
ЗЎзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти;
Ўзбекистон фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси;
Ҳайдовчилик гувоҳномаси;
Туғилганлик ҳақида гувоҳнома;
Никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома;
Никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома;
Транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома (техник паспорт, техник талон);
Пенсия (нафақа) гувоҳномаси;
Фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш гувоҳномаси (ID-картаси);
Ногиронлик тўғрисида маълумотнома;
Транспорт воситасининг мажбурий суғурта (фуқаролик жавобгарлиги) бўйича суғурта полиси;
Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва профессионал таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги расмий ҳужжат;
Талабалик гувоҳномаси;
Якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома;
Турар жой объектларининг кадастр паспорти;
Жисмоний шахснинг шахсий автомототранспорт воситасини бошқа шахсларга бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома.
Мазкур ҳужжатларнинг қоғоз нусхалари банкларда, нотариал идораларда, аэропортларда ички рейсларни рўйхатдан ўтказишда ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи поездларга чиқишда, давлат, корпоратив ва бошқа хизматларни кўрсатиш, шу жумладан, электрон хизмат кўрсатиш ҳамда фуқароларни қабул қилишда тегишли ҳужжатларни тақдим этишни талаб қиладиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларда талаб этилмайди, яъни порталдаги электрон шакллари ҳам тан олинади.
86 турдаги товарлар учун экспорт божи жорий қилинади
Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан айрим турдаги хомашё товарлари ва ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларга нисбатан экспорт божхона божлари жорий этилади. Бу 14 март куни қабул қилинган “Маҳсулотларни экспорт қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонида белгиланган.
Фармонга кўра, экспорт тартиб-таомиллари Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига мувофиқлаштирилади. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия жорий қилинаётган экспорт божхона божлари самараси бўйича ҳар чоракда таҳлиллар олиб боради.
Фармон билан 2025 йил 1 июлдан бошлаб 86 турдаги қуйидаги товарларга экспорт божхона божлари жорий этилди ва уларнинг ставкалари тасдиқланди:
Чарм хомашёси ва ярим тайёр чарм маҳсулоти, ипак хомашёси, пахта ип-калаваси ва трикотаж мато товарларига
(Амалда мазкур товарларни экспорт қилиш учун уюшмаларнинг йиғимлари белгиланган бўлиб, эндиликда улар бекор қилинди.)
Гўшт маҳсулотлари, буғдой, дон, гуруч, минерал ўғитлар, чарм хомашёси, ПЭТ чиқиндилар, рангли металл лом ва чиқиндиларига
(Амалда ушбу товарларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматнинг қарорлари асосида рухсат берилган ҳолда экспорт қилиш мумкин эди. Энди ушбу талаблар бекор қилинди).
Ўзбекистонда қўшилган қиймат яратиш, қайта ишлаш саноатини қўллаб қувватлаш мақсадида республикада ишлаб чиқариладиган стратегик хомашё маҳсулотларига (табиий газ, пахта толаси, пахта линти, минерал ўғитлар, полиэтилен, полипропилен, полистерол, полиэтилентерефталат, ПВХ, мис хомашёси).
Қайд этилишича, мазкур Фармон экспорт тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш, маҳаллий хом ашё асосида қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, қайта ишлаш саноатининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.