Голландиянинг Гаага шаҳрида ўтказилган НАТО саммити ортидан Украина, АҚШ ва альянс аъзолари ўз хулосаларини берди. Украинанинг ташқи ишлар вазирлиги тарқатган расмий баёнотда айтилишича, Киев иттифоқчи давлатлар ҳарбий харажатларни йилига 5 фоизгача ошириш ниятини мамнуният билан қарши олган. Бу маблағларнинг бир қисми айнан Украинага ёрдам сифатида ажратилиши кутилмоқда.
Шунга қарамай, икки кун давом этган саммит давомида на Украина ТИВ раҳбари Андрий Сибига, на президент Володимир Зеленский журналистлар билан мулоқот қилишга вақт ажратди.
Бошқа томондан, АҚШ президенти Доналд Трамп матбуот анжуманида деярли бир соат давомида очиқчасига саволларга жавоб берди. Аммо Украина мавзусига келганда, у “Украина инқирози” деб атаган уруш ҳақидаги саволларни юзаки жавоблар билан чеклади ёки умуман четлаб ўтди.
Зеленский билан учрашуви ҳақида сўз борганда Трамп шундай деди:
“У жуда ёқимли эди, тўғриси. Баъзида у билан ишлаш қийин бўлган. Аммо бу сафар у ниҳоятда мулойим эди. Учрашувдан шуни тушундимки, у бу можаро тугашини жуда истайди”.
Трамп, шунингдек, “Путин билан бу ҳақда гаплашишини” ваъда қилди.
Саммит якунида эълон қилинган баёнотда Россия Евро-Атлантика хавфсизлигига узоқ муддатли таҳдид сифатида эътироф этилди. НАТОнинг “5-модда”га садоқати яна бир бор тасдиқланди: унга кўра, иттифоқ аъзоларидан бирига ҳужум бутун альянсга ҳужум сифатида баҳоланади.
Reuters агентлиги маълумотларига кўра, НАТО давлатлари 2024 йилнинг ўзида ҳарбий сарф-харажатлар бўйича 1 триллион доллардан ошган чегарани забт этди. Бу кўрсаткич альянснинг ҳарбий қудратини оширишга ва Россиядан келаётган хавфни жиловлашга бўлган қатъиятини намоён этади.