Германия Ташқи ишлар вазирлиги Бундестагдаги “Яшиллар” партияси вакили Робин Вагенарнинг расмий сўровига жавобан маълум қилишича, Берлин марказида жойлашган Россия фан ва маданият уйининг ер солиғи ҳар йили Германия бюджетига 70 минг еврога тушмоқда. Бу ҳақда “Focus” журнали хабар берди.
Қайд этилишича, 2024 йилда Германия ҳукумати ушбу бино жойлашган ер учун тўловни амалга оширган. Маълумотларга кўра, ушбу ҳудуд Германия Федератив Республикасига тегишли мулк ҳисобланади.
Германия Ташқи ишлар вазирлиги бундай молиявий ҳаракатлар икки давлат ўртасида 2013 йилда имзоланган маданий муассасаларнинг мулкий мақоми ҳақидаги битим доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади. Ҳужжатда Берлин шаҳридаги Россия уйи билан бир қаторда, Москвадаги Гёте институти ҳам тилга олинган.
Шунингдек, Германия ҳукумати бу тўловларни давом эттириши мумкин, чунки бу орқали у Москвадаги Гёте институтининг фаолиятини сақлаб қолишни мақсад қилмоқда. Шу билан бирга, Бундестагдаги “Яшиллар” фракцияси вакиллари Россия уйининг фаолиятини тўхтатиш тарафдори эканини билдирган.