АҚШ Ички хавфсизлик департаменти 12 июнь куни юз минглаб муҳожирларга Қўшма Штатларда яшаш ва ишлаш рухсатномаси бекор қилингани ва улар мамлакатни тарк этиши кераклигини маълум қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Ушбу билдиришнома Байден давридаги озод қилиш дастури орқали Қўшма Штатларга келган Куба, Гаити, Никарагуа ва Венесуэла фуқароларига тегишли. Хабар ушбу мамлакат фуқаролари электрон почта манзилларига юборилган.
“Ушбу билдиришнома сизга шартли равишда озод қилиш тўхтатилганини маълум қилади. Агар мамлакатни тарк этмасангиз, куч ишлатилган ва мажбурий ҳолда ҳибсга олиниб, ўз ватанингизга қайтариласиз”, дейилган хабарда.
Байден маъмурияти 2023 йилда Куба, Гаити, Никарагуа ва Венесуэладан мамлакатга ноқонуний киришдан кўра, ариза топширган муҳожирларга шартли равишда озод этилишини эълон қилганди. Ариза берувчилар мамлакатда қонуний равишда бўлган америкалик ҳомийга эга бўлиши ва хавфсизлик текширувидан ўтиши керак эди. Ўшанда республикачилар маъмурият шартли равишда озод қилиш ҳуқуқидан нотўғри фойдаланганини ва ушбу мамлакатлар учун дастурни белгилашда ҳаддан ошганини таъкидлаганди.
Президент Дональд Трамп ўз лавозимининг биринчи кунида дастурни бир томонлама тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Бу ҳаракат охир-оқибат Олий судгача етиб борган ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқарганди.