Кеча, 8 июнь куни Словакия Бош вазири — Роберт Фицо Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда “УзА” ёзмоқда.
Тошкент шаҳри халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олган.
Маълумот учун, Роберт Фицонин г ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида икки давлат ўртасидаги музокаралар бўлиб ўтади, Ўзбекистон-Словакия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Савдо, инвестиция ва инновациялар, қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика, туризм соҳаларида шерикликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади.
Халқаро аҳамиятга молик масалалар, жумладан, кўп томонлама майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилади.
Етакчиларнинг учрашуви якунида Ўзбекистон билан Словакия ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Шунингдек. ташриф доирасида Словакия Бош вазири Роберт Фицо IV Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этади.