Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистон томони таклифи ва тўлиқ кўмагида бир гуруҳ украиналик болалар дам олиш ва реабилитация учун Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда Украина элчихонаси хабар қилди.
Қайд этилишича, улар учун 12 кунлик махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унда болаларнинг руҳий ҳолатини тиклаш, жанговар ҳаракатлардан чалғитиш ва тинч муҳитда ҳордиқ чиқариш мақсад қилинган.
Ташриф иштирокчилари — болалар ва уларнинг кузатувчилари Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг улар Тян-Шан тоғлари этагида жойлашган дам олиш масканига йўл олишди. Ўша ерда дастлабки кечки кутиб олиш илиқ ва дўстона муҳитда ўтказилди.
Болалар орасида Харков, Херсон, Николаев, Запорижже, Суми, Хмелнитский, Лвов ва Киев каби жанговар ҳаракатлардан жабр кўрган ҳудудлардан ташриф буюрганлар бор.
"Реабилитация дастури доирасида ҳар кун мавзули машғулотлар, ижодий танловлар, спорт тадбирлари ва саёҳатлар режалаштирилган. „Миллий қадриятлар куни“, „Спорт ва саломатлик куни“ каби кунлар доирасида болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига эътибор қаратилади", — дейилади хабарда.
Ушбу ташрифни ташкил этишда Ўзбекистоннинг тегишли давлат идоралари фаол иштирок этмоқда. Қатор вазирлик ва ташкилотлар лойиҳанинг турли босқичларига жалб этилган.