Германияда илк бор янги технология қўлланилиб, 40 минг тонна оғирликдаги кўприк устунлари гидравлика ёрдамида жойидан силжитилди. Бу ҳақда “Tagesschau”хабар берди.
Махсус амалиёт Ринсдорф водийсидаги A45 автомагистрали устидан ўтувчи кўприкда ўтказилди. Инженерлар 70 метрли олти таянч устунни икки сантиметрга кўтариб, улар остига тефлон пластиналар жойлаштиришди. Бу пластиналар подшипник вазифасини бажарди ва махсус мойлаш воситалари ҳамда гидравлик пресслар орқали бутун конструкция аниқлик билан силжитилди.
Қизиғи, бу жараёнда кўприкнинг иккинчи қисмида автотранспорт ҳаракати тўхтамаган — у олдиндан якунланган эди ва ҳаракат давом этган.
Ушбу усул Германияда биринчи марта қўлланилди ва муҳандислар бу технология орқали келажакда яна 60 га яқин эски кўприкни қисқа вақтда ва камроқ харажат билан таъмирлаш мумкинлигини айтишмоқда.
А45 — Германиядаги энг муҳим автомагистраллардан бири бўлиб, у орқали кунига тахминан 60 минг автомашина, жумладан кўплаб юк машиналари ҳаракатланади.