Қирғизистон Президенти Садир Жапаров собиқ давлат раҳбари Алмазбек Атамбоевга нисбатан чиқарилган суд қарорига изоҳ берар экан, уни афв этишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда у “Кабар” миллий агентлигига берган навбатдаги интервьюсида маълум қилди.
Қайд этилишича, Садир Жапаров суд қарорларига аралашмаганини ва аралашмаслигини таъкидлаб, “Суднинг қарори қандай бўлишидан қатъий назар, унга бўйсуниш керак”— дейди.
“Қабул қилинган қарорни ноқонуний деб ҳисобласангиз, юқори идораларга мурожаат қилинг, Олий суд бунга чек қўйсин. Суд қарорини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Менинг ҳам бунга ҳаққим йўқ”, — дея қўшимча қилади у.
Шу билан бирга, президент Алмазбек Атамбоев мамлакатга қайтган тақдирда ҳибсга олинадими ёки йўқлиги ҳақида гапирар экан, унинг афв этиш ҳуқуқи борлигини эслатди.
“Агар у ариза берса, уни афв этишим мумкин. Қўй-Тош воқеаларидан бери олти йил ўтди. Эҳтирослар аллақачон сўнди. Менимча, судлар унчалик қаттиққўл бўлмаган бўларди. Албатта, бу менинг судларга юклаётган фикрим эмас, балки менинг шахсий, фуқаролик фикрим. Менимча, улар фақат синов муддати ёки жарима билан чекланса яхши бўларди”, дейди Жапаров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 июнь куни Бишкекнинг Первомай туман суди Қўй-Тош воқеалари бўйича ҳукм чиқарди.
Собиқ президент Алмазбек Атамбоев мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан маҳрум қилинган ҳолда 11 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ишдаги бошқа айбланувчиларга ҳам турли муддатлар берилди.
Алмазбек Атамбаев 2023 йилнинг февралида суд томонидан даволаниш учун қўйиб юборилган. У Испанияга учиб кетган ва шундан бери Қирғизистонга қайтмаган.