АсосийДунё

Президентликдан панжара ортигача: Атамбаевнинг сўнгги бекати

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ноқонуний ер ажратиш, коррупция ва оммавий тартибсизликлар иши бўйича айбдор деб топилди.

'Президентликдан панжара ортигача: Атамбаевнинг сўнгги бекати'ning rasmi

Қирғизистон сиёсий саҳнасида бир вақтлар халқ фидойиси сифатида кўзга ташланган Алмазбек Атамбаев эндиликда суд қарори билан жиноий шахс сифатида тарихга кириб бормоқда. Бишкекнинг Первомайский туман суди 2011–2017 йилларда Қиргизистон президенти бўлган Атамбаевни қатор жиноятларда айбдор деб топди ва унга сиртдан 11 йил-у 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Бу ҳақда “Кактус Медиа” хабар тарқатди.

 

Суд мажлиси судья Азирет Медеров раислигида ўтказилган. Судга етказилган ҳужжатларга кўра, собиқ президент Чуй вилоятининг Қўй-Тош қишлоғида ерларни ноқонуний эгалашда, Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш жараёнида коррупцияда ва 2019 йилнинг август ойида Қўй-Тошдаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбдор деб топилган.

 

 

Ҳукмга биноан, Атамбаев нафақат эркинликдан, балки мол-мулкидан ҳам, шунингдек, давлат мукофотларидан ҳам маҳрум этилди.

 

Энди у фақат бир нарсани сақлаб қолди – собиқ президент деган унвонни. Аммо бу унвон энди орқага бурилиб қараладиган, шунчаки ўтмишдаги сиёсий афсонанинг сўнаётган соясидек эслатма бўлиб қолади, холос.

 

Атамбаев ёлғиз эмас

 

"Қўй-Тош воқеалари" бўйича жазоланганлар орасида собиқ Президент девони раҳбари Фарид Ниёзов, Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Равшан Жеэнбеков – ҳар иккаласи 7 йил-у 8 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Яна бир депутат Ирина Карамушкина эса 7 йил-у 6 ой олди.

 

Айтиш керакки, ҳукм қилинганлар рўйхати сиёсий “таниш-билишлар” жамиятини эслатади. Масалан, собиқ депутатлар Асел Кодуранова (3 йил), Меёрбек Мискенбаев (5 йил), Атамбаевнинг тансоқчиси Канат Сагимбаев ва тарафдор журналист Қундуз Жолдубаева – ҳар бири 5 йиллик пробация жазоси олди. Гўё бу "сиёсий драмада" ҳар бир актёр ўз ролини бажарди – баъзилари саҳнадан чиқиб кетди, баъзилари эса қамоқхонадан чиқмайди.

 

Олдинги ишлар – эски дўкон

 

Атамбаевга илгарироқ ҳам ҳукм чиқарилган эди. 2020 йил 23 июнь куни суд уни жиноий авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилгани учун 11 йил-у 2 ойга қамаган эди. Кейинчалик эса бу ишлар қайта кўриб чиқилиб, Атамбаев баъзи айбловлардан оқланган. Хусусан, 2020-йилги оммавий тартибсизликлар иши жиноят таркиби йўқлиги сабабли ёпилган.

 

Лекин бу оқловлар Атамбаевни тўла оппоқ қилмади. Оқишиб қолган сиёсий репутацияни энди ҳеч қандай суд қарори ювиб кетолмайди. 2023 йил 14 февралда у соғлиғи туфайли колониядан озод қилинди ва эртасига хорижга учиб кетди. Балки у энди ўз ҳукмини чет элдан эшитгандир.

 

Сиёсатнинг чангалзор йўллари

 

Бир пайтлар президентлик курсисида ўтирган, халқ ишончини қозонган Атамбаев бугун собиқ раҳбар, собиқ сиёсатчи, собиқ эркин фуқаро. Тарих унга қандай баҳо беришини вақт кўрсатади, аммо ҳозирча суд уни қаттиқ баҳолади. Сиёсий майдонда ютганлар ҳам, ютқазганлар ҳам бир кун келиб жавоб беради. Шунчаки, кимдир бунга суд залида етади, кимдир эса ўз виждонида.

 

    Бошқа янгиликлар