Microsoft асосчиси Билл Гейтс бойлигининг асосий қисмини кейинги 20 йил ичида Африкада соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларини яхшилашга сарфламоқчи. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Миллиардер Эфиопия пойтахти Аддис Абебада нутқ сўзлади. У Африканинг ёш инноваторларига қитъада соғлиқни сақлашни яхшилаш учун сунъий интеллект (СИ)ни ишга солиш таклифини берган.
Гейтс жамғармасининг таъкидлашича, Африка бўйича 3 та устувор вазифа белгилаб олинган: 1) оналар ва чақалоқлар ўлиминининг олдини олиш; 2) кейинги авлоднинг ҳалокатли юқумли касалликлардан азият чекмасдан ўсишини таъминлаш; 3) миллионлаб одамларни қашшоқликдан олиб чиқиш.
Май ойида Гейтс бойлигининг 99 фоизини ҳайрия қилишини эълон қилганди. Унинг бойлиги 2045 йилга келиб 200 миллиард долларга етиши прогноз қилинган. Forbes рейтингига кўра, унинг бойлиги 2025 йилда 115,1 миллиард долларни ташкил этади.
Мозамбикнинг собиқ биринчи хоними Граса Мачел бу эълонини олқишлаб, “айни инқироз пайтида ёрдам” бўлишини айтган. Америка Қўшма Штатлари ҳукумати Африкага кўрсатилаётган ёрдамни, жумладан, ОИВ/ОИТС билан касалланган беморларни даволаш дастурларини қисқартирган. Бу эса қитъадаги соғлиқни сақлашнинг келажаги ҳақида хавотирларни келтириб чиқармоқда.