Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 21 майга ўтар кечаси Украина томонидан 150 дан ортиқ дрон Россиянинг бир қанча ҳудудларига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда “Meduza” нашри маълум қилди.
Энг кўп дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан Орёл (53 та), Брянск (51 та) ва Курск (37 та) вилоятларида уриб туширилган.
Шунингдек, Москва вилояти, Владимир, Рязан, Белгород, Тула ва Калуга вилоятлари ҳамда Қора денгиз акваторияси ҳам ҳужум нишонига айланган.
Ҳужумлар ортидан Ярославл, Кострома ва Калуга шаҳарларидаги аэропортларда вақтинчалик чекловлар жорий этилган. Калугада бу чекловлар аллақачон олиб ташланган.
Расмийларга кўра, Орёл вилоятида қурбонлар ва катта талафотлар қайд этилмаган. Бироқ Болхов шаҳри аҳолиси Телеграмдаги саҳифаларда айрим объектлар шикастланганини ёзмоқда.
Айрим украин манбаларининг даъво қилишича, ҳужум Болховдаги ярим ўтказгич қурилмалари заводига қаратилган.
Бироқ ушбу маълумот мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.