Ахборот технологияларининг тез суръатда ривожланиши нафақат иқтисодий ва ижтимоий ҳаётга, балки ҳуқуқий муносабатларга ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Интернет орқали тарқатилаётган контентни назорат қилиш, жамият хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айни пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқилган “Онлайн платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси, айниқса, унинг 13-моддаси мазкур муаммони ҳуқуқий жиҳатдан ечишга қаратилган муҳим нормалардан бири ҳисобланади.
Ҳозирда Ўзбекистон қонунчилигида турли хавфли ахборотларни тақиқловчи нормалар мавжуд (Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқаларда). Бироқ, улар:
Яъни ҳуқуқий муаммо шундаки, интернетда тарқатилаётган ахборот ва тарқатаётган субъектлар учун амалдаги қонунчиликда тартибга солувчи аниқ механизм етишмаяпти.
Натижада, ҳуқуқни қўллаш амалиётида турлича талқин ва ҳуқуқий ноаниқликлар юзага келмоқда. Масалан, қандай ахборот “ёлғон маълумот” деб баҳоланиши мумкин? Қайси вазиятда онлайн-контент “экстремизмни тарғиб қилувчи” ҳисобланади?
Шу маънода, янги қонун лойиҳаси соҳани тартибга солишда, кўплаб ноаниқликларни бартараф этишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди. Хусусан, қонун лойиҳасининг 13-моддасида биринчи марта ноқонуний контентнинг аниқ ҳуқуқий таърифи ва унинг асосий турлари белгиланмоқда. Жумладан:
– зўравонликка, терроризмга, адоватга даъватлар;
– ёлғон ва фейк ахборот;
– ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандлик, порнографияни тарғиб қилувчи материаллар;
– киберҳужумлар, фишинг, спам ва бошқа хавфли ахборотлар.
Шунингдек, қонун лойиҳасида онлайн-платформаларда бундай контент тарқалишининг олдини олиш бўйича механизмлар ишлаб чиқилиши ва жавобгарлик юзасидан аниқ тартиб белгиланиши назарда тутилмоқда.
Қонун қабул қилиниши орқали қуйидаги ижобий ўзгаришлар кутилади:
1. Ҳуқуқий аниқлик ва уни бир хил қўллаш таъминланади. Платформалар ва фойдаланувчилар нима мумкин, нима тақиқлангани ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади;
2. Фуқароларнинг ахборот хавфсизлиги ошиб, зарарли контентга дуч келиш ҳолатлари камаяди;
3. Ёшларни муҳофаза қилиш кучайтирилади, айниқса вояга етмаганларга зарар етказувчи контентларга нисбатан қатъий чоралар белгиланади;
4. Онлайн платформаларнинг жавобгарлиги мустаҳкамланади, уларнинг фаолияти шаффоф ва қонуний асосда амалга оширилади;
5. Миллий ахборот маконида барқарорлик ва ишонч мустаҳкамланади — жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур қонун лойиҳасидаги нормалар нафақат замонавий ахборот муаммоларига чора, балки Ўзбекистоннинг рақамли маконда барқарор ва хавфсиз муҳит яратишга бўлган жиддий интилишини ҳам ифодалайди. Қонун қабул қилинса, у ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам, жамиятдаги ахборот маданиятини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Шамсинур АХТАМОВ,
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлими бошлиғи