Россия ва Финляндия олимларининг қўшма тадқиқоти натижаларига кўра, инсоният 40 йил ичида янги кичик музлик даврига дуч келиши мумкин. Бу ҳақида zamon.uz илмий “Geosciences” журналида эълон қилинган мақолага таяниб маълумот берди.
Тадқиқот Россия Фанлар академиясининг Кола илмий маркази ҳамда Финляндия табиий ресурслар институти мутахассислари томонидан олиб борилган. Олимлар дарахт ҳалқаларининг 7600 йиллик хронологиясини чуқур ўргандилар ва сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда Ердаги иқлим тциклларини таҳлил қилишган. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2063–2073 йиллар оралиғида глобал совиш даври бошланиши эҳтимоли катта.
Мутахассислар бу жараённинг асосий сабабларини қуёш фаоллигининг камайиши ва вулқон фаоллигининг кучайиши билан боғлашмоқда. Қуёшдаги жараёнлар глобал ҳароратга кучли таъсир кўрсатади. Айниқса, қуёш доғларининг камайиши Ер атмосферасига етиб келадиган энергия миқдорини пасайтиради.
Шунингдек, глобал исиш жараёнини вақтинча секинлаштирувчи бу омил, узоқ муддатда инсониятга янги иқлим муаммоларини келтириб чиқариши мумкин. Музлик даврлар Ер тарихида ҳар 300–400 йилда қайтарилиб туради ва бу навбатдаги босқич сифатида кўрилмоқда.