Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби жорий йил 1 июндан кучга киради. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6 май куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, жарима баллари ҳайдовчиларга нисбатан фақат ЙПХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган жарималар асосида, автоматлаштирилган тартибда инсон омилисиз E-jarima модули орқали ҳисоблаб борилади.
Автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш мосламалари орқали аниқланган қоидабузарликлар учун жарима баллари ёзилмайди. Бу масала камералар қайд этган қоидабузарлик вақтида автомобил рулидаги шахсни идентификация қилиш имконияти яратилганидан кейин кўриб чиқилади – Ички ишлар вазирлиги ҳукуматга бу борада хулоса киритиши керак.
Шунингдек, 12 ой мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ҳайдовчиларга рағбатлантириш тариқасида кейинги даврда қоидаларни биринчи марта бузганлиги учун биринчи жарима балли ҳисобланмайди.
Ҳайдовчига жарима балли ёзилганидан кейин у 6 ой давомида бошқа қоидабузарлик содир этмаса, унинг жарима балларидан 2 жарима балли чегириб ташланади.
Ҳайдовчининг ҳисобидаги жарима баллари 12 ой ичида 12 баллга етиб қолса, тегишли ҳужжатлар судга инсон омилисиз, автоматик юборилади ва ҳайдовчи SMS орқали хабардор қилинади. Суд бундай ҳайдовчиларни 6 ойдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этади.